XVI–XVIII асрларда жануби-шарқий
7000 so'm

Slayd 1
XVI–XVIII асрларда жануби-шарқий
Осиё мамлакатлари
Slayd 2
РЕЖА:
КИРИШ.
XVI–XVIII АСРЛАРДА ВЬЕТНАМ, ДАЙВЬЕТ
XVI–XVIII АСРЛАРДА КАМБОДЖА, ЛАОС
XVI–XVIII АСРЛАРДА МЬЯНМА, ИНДОНЕЗИЯ
XVI–XVIII АСРЛАРДА ТАЙЛАНД (АЮТИЯ, СИАМ), ФИЛИППИН
Slayd 3
КИРИШ.
Жануби-Шарқий Осиё географик атама бўлиб, унга, одатда, Вьетнам, Камбоджа, Лаос, Мьянма (Бирма), Индонезия, Тайланд, Филиппин, Малайзия, Сингапур ва Бруней киради. Бу мамлакатларнинг Янги даврдаги тарихи (Тайланддан ташқари) аниқ икки босқичга – мустамлакачиликкача ва мустамлака даврларига бўлинади. Баъзи бир хронологик ўзгаришларни айтмаганда, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жабҳалардаги жараёнлар характер жиҳатидан бир-бирига жуда яқин.
Slayd 4
Жануби-Шарқий Осиё халқларининг тарихий тақдирида мустамлакачилик омили масаласи баҳсли ҳисобланади. Айрим тадқиқотчилар Ғарбнинг «цивилизация олиб келганлигига», бу ерда яшаётган халқларни Европа фани ва маданияти ютуқлари билан таништирганлигига урғу берсалар, бошқа бир тадқиқотчилар ғарбликларнинг ҳукмронлигида фақат салбий томонларнигина кўради ва асосан, мавжуд қолоқ иқтисодий – ижтимоий тизимнинг сақланиб қолишида уларни айблашади. Ушбу муаммо билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат диний омил ҳисобланади. Жануби-Шарқий Осиё минтақасида Янги даврда қуйидаги динлар кенг ёйилди: буддизм (Ҳиндихитой давлатлари, Бирма ва Тайландда), ислом (Индонезия, Малайзия, Бруней ва Филиппиннинг жанубида), христианликнинг католик мазҳаби (Филиппин ва Вьетнамнинг жанубий қисмида). Бундан ташқари тарихшуносликдаги яна бир алоҳида, анчагина баҳсли муаммо католик черковининг миссионерлик фаолияти, унинг ўрганилаётган халқлар тарихий тақдиридаги зиддиятли роли муаммосидир. Ушбу масалада ҳам тарихчилар ўртасида ягона қараш мавжуд эмас.
Slayd 5
1. XVI–XVIII АСРЛАРДА ВЬЕТНАМ, ДАЙВЬЕТ
Ҳозирги Вьетнамнинг шимолий қисмида 1069 йили пайдо бўлган Дайвьет давлати Янги давр бошларида ўзининг энг юксалган даврини бошдан кечираётган эди.1428 йилдан бери ҳокимиятда турган Вуа (олий ҳукмдор) Ле сулоласи вакили Ле ТханьТонг даврида Вьетнамда абсолют монархия ўрнатилди. Қишлоқ хўжалигининг яхши ривожланганлиги сабабли XV асрда Дайвьетда юқори ҳосил олинган ва деярли очарчилик бўлмаган. Жамоа ерлари деҳқонларга тегишли бўлиб, ҳар олти йилда бир марта қайта бўлинар, деҳқонлар тўғридан-тўғри давлатга солиқ тўлар, бу эса ўз навбатида деҳқонлар меҳнатини рағбатлантирар эди. Бундан ташқари хусусий ер эгалиги ҳам мавжуд бўлиб, улар ўз ерларини жамоа ерлари ҳисобига кенгайтириб бориш имкониятига эга эди. Бу ҳол Дайвьетнинг кейинги ижтимоий-иқтисодий ривожида сезиларли роль ўйнади.
Slayd 6
Ҳунармандчилик ва қазилма бойликлардан фойдаланиш ривожланди. Унча катта бўлмаган ҳажмдаги ташқи савдо марказий ҳокимият назоратида турарди. Ташқи савдонинг суст ривожланганлиги Вьетнам ҳудудида зираворларнинг йўқлиги ва чет эл кемалари учун қулай портларнинг мавжуд эмаслигида эди. Шу даврда вуаларнинг олий ҳокимиятини эътироф этувчи қонунлар тўплами шаклланди. 1471 йили Дайвьетга ҳозирги Вьетнамнинг Марказий ва Жанубий қисмларида жойлашган Чампа (Тямпа) давлати қўшиб олинди. Жанубда шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги ва савдо тез ривожланди, ерга давлат эгалиги мустаҳкамланди, ирригация иншоотлари кенгайди, ички ва ташқи савдо ривожланди. Конфуцийлик расмий мафкура бўлиб қолди.
Slayd 7
XVI–XVII асрларда Дайвьет.
XVI аср бошларида қишлоқ хўжалигидаги давлат ва хусусий секторлар ўртасида зиддият сезила бошлайди. XVI–XVII аср ўрталарида вьетнамлик зодагонларнинг учта энг кучли уруғлари – Мак, Чин ва Нгуенлар тўхтовсиз ўзаро уруш олиб бордилар. Улар ўртасидаги кураш 1510 йили бошланди. 1516 йили Дайвьетда будда руҳонийси Чан Као бошчилигида деҳқонлар қўзғолони бўлиб ўтди. 1517 йили қўзғолончилар мамлакат пойтахтини эгаллаб, ўз раҳбарларини тахтга ўтқаздилар. Аммо у ўғли Чан Тханг фойдасига тахтдан воз кечди. Чан Тханг эса шимолий вьетнамлик саркарда Мак Данг Зунг томонидан мағлуб этилди. Мак Данг Зунг янги сулолага асос солди. Бу сулола 1592 йилгача хитойликларга тобе бўлиб, улар ёрдамида ҳокимиятда турди. 1592 йили ҳокимиятга яна Ле сулоласи вакиллари келади ва ўн йиллар давомида шимолий (Бакбо) ва жанубий (Намбо) қисмларга бўлиниб кетган давлатни яна бирлаштиради.
Slayd 8
Ле сулоласи вакиллари расмангина ҳокимият тепасида бўлиб, мамлакатни аслида Ле сулоласини тахтга қайтарган Чинлар бошқараётган эди. Вьетнамнинг жанубий қисмини Нгуенлар назорат қилаётган бўлиб, XVII аср бошларида улар ўзларининг давлатини туздилар. Лекин улар ҳам Ле сулоласининг ҳокимиятини тан олиб, ўзларини мустақил сулола деб эълон қилмадилар. Нгуенлар ўз пул бирликларини жорий қилдилар ва қўшни давлатлар ҳамда Голландия, Португалия сингари мамлакатлар билан савдо алоқаларини йўлга қўйдилар. Дайвьетнинг жанубидаги Нгуенлар давлати Дангчаун деб, мамлакат шимолидаги Чинларга қарашли ерлар эса Дангнгоай деб атала бошлади.
Slayd 9
XVI–XVII асрларда қишлоқда ўзгаришлар юз бериб, анъанавий қишлоқ жамоаси – са табақалана бошлайди. Дайвьет аграр мамлакат эди, аҳолисининг асосий қисмини шоли етиштириш билан шуғулланувчи деҳқонлар – вьетлар ташкил қиларди. Шаҳарларда ҳам асосан вьетлар яшарди, бошқа миллатлар вакиллари жуда кам- чиликни ташкил қиларди. Ҳиндихитойнинг бошқа мамлакатлари- дан фарқли ўлароқ Дайвьетда доимий равишда ҳайдаладиган ерларнинг етишмаслиги сезиларди.Деҳқонлар шахсан озод ҳисобланиб, шоличиликдан ташқари балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик билан ҳам шуғулланишарди. Янги даврнинг бошларида Дайвьетнинг ташқи алоқалари анча чекланган эди. 1535 йилдан португалияликлар ташқи савдо алоқаларини назорат қила бошладилар. Улар, хусусан, Нгуенлар ҳукмронлик қилаётган мамлакатнинг жанубий қисмига Кохинхина номини бердилар.
Slayd 10
XVII аср 30-йилларидан Вьетнамни ўзлаштиришга голландияликлар киришдилар ва бир неча факторияларни барпо қилдилар.
Ўзаро урушларда голландияликлар Чинларни, португалияликлар эса Нгуенларни қўлладилар, уларга қуроллар сотдилар. 1643 йили голландияликларнинг кемалари Нгуенлар томонидан ўққа тутилди ва шундан кейин улар мамлакатда ўзларининг фаолиятини якунлашга мажбур бўлдилар. XVII асрдан Вьетнамнинг Япония ва Хитой билан савдо алоқалари ривожланади. Шу даврда инглизлар Вьетнамга кириш учун биринчи уринишни амалга оширади. Аммо улар фақат 1672 йили биринчи факториясига асос солдилар. Саккиз йилдан кейин французлар ҳам шунга эришдилар.
Slayd 11
Дайвьет XVII аср иккинчи ярми ва XVIII асрда.
Нгуенлар билан Чинлар ўртасида 1627 йили бошланган уруш 1672 йилгача давом этди ва кейин қарийб юз йил бузилмаган тинчлик ўрнатилиши билан якунланди. XVII аср 60-йиллари XVIII аср 20-йиллари Дайвьетда нисбатан барқарорлик йиллари бўлди. Айни пайтда мамлакат шимолида жамоа ерларининг камайиб кетганлиги сабабли секин-аста иқтисодий инқироз куча бошлади. XVIII аср ўрталаридан Дангнгоада инқирознинг кескинлашуви сабабли олий ҳокимият бўш ерлар кўп бўлган ва инқироз кескинлашмаган жанубга таяна бошлади.
1774 йили тюа Нгуен Хитойнинг рухсатисиз ўзини вионг –мустақил ҳукмдор деб эълон қилди ва Камбоджа ерлари ҳисобига ўз ҳудудини кенгайтиришга, маҳаллий аҳоли ўртасида вьетларнинг урф-одатлари ва маданиятини куч билан сингдиришга уриниб кўрди.
Slayd 12
XVIII асрга келиб Вьетнамнинг ҳозирги чегараларида давлатнинг шаклланиши якунланди. Тараққиёт даражаси бўйича Вьетнам Жануби – Шарқий Осиёнинг энг бой ва ривожланган мамлакатлари
қаторида турарди. Ижтимоий-иқтисодий соҳада муҳим ўзгаришлар юз берди, давлат ерлари қисқариб, жамоа – са хусусий ер эгаларига қарам бўлиб қолди.
Ҳунармандчилик ва савдо ривожланди. Қизил дарёси соҳиллари ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг асосий ҳудудига айланди. Жанубда ерларнинг хусусий қўлларда тўпланишига қарамасдан, Меконг дарёси соҳилларида ҳали ўзлаштирилмаган қўриқ ерлар анчагина эди. Шу сабабли бу ерда аграр муносабатлар шимолдагига нисбатан анча муваффақият билан ривожланди.
Slayd 13
XVIII аср ўрталаридан бошлаб солиқ юки оширилди, деҳқонларнинг хонавайрон бўлиши бошланди, инфляция даражаси ва нарх-наво ошиб кетди, чайқовчилик авж олди. Ташқи савдо ҳам инқирозга юз тутди. Чинларга қарашли ҳудудларда ҳам деҳқонларга қарашли ерларнинг катта ер эгаларига ўтиб кетиш жараёни авж олди. Натижада ер танқислиги вужудга келди. Солиқлар ва турли хил мажбуриятлар сони ошди. Давлат деҳқончилик учун яроқсиз ерлардан ҳам рента солиғи ола бошлади. Жамоалар аллақачон ўлиб кетган ёки иш излаб бошқа ерларга кўчиб кетган жамоадошлари учун ҳам солиқ тўларди. Натижада Чинлар ерида очарчилик бошланиб, минглаб одамлар ўлди, ундан ҳам кўпроғи қашшоқликка маҳкум қилинди.
Slayd 14
Шундай қийинчиликлар натижасида деҳқонларнинг ғалаёнлари авж олди. 1737 йили пойтахт яқинида будда руҳонийси Нгуен Зионг Хинг раҳбарлигида қўзғолон бошланди. Бир йил кейин Тхань хоа провинциясида Ле Зуи Мат бошчилигида қўзғолон бўлиб, унинг иштирокчилари ҳокимиятни амалда Ле сулоласи вакилларига қайтариш учун кураш олиб бордилар. 1739 йили Намха ва Тхайбинь провинцияларида, 1740 йили Шонтайда, 1741 йили эса Хайзионг-Киеньан районида ва бошқа жойларда ҳам қўзғолонлар бўлиб ўтди. Ҳукумат қўшинларининг қўзғолончиларга қарши кураши то 1770 йилгача давом этди. Чинлар ижтимоий кескинликни юмшатиш мақсадида солиқлар ва мажбуриятларни камайтирди, деҳқонларнинг олдинги қарзларидан кечди. Шунга қарамасдан Чинлар режими ҳалокат ёқасига келиб қолди.
Slayd 15
1771 йили Вьетнам ҳудудида унинг тарихидаги энг йирик қўзғолонлардан бири – Тэйшенлар қўзғолони (1771–1801) бошланди. Қўзғолоннинг асосий кучлари мамлакатнинг тарқоқлиги ва марказий ҳокимиятнинг заифлигидан азият чекаётган деҳқонлар ва шаҳар аҳолиси бўлди. Қўзғолонга учта ака-ука – Нгуен Ньяк, Нгуен Хюэ ва Нгуен Ли бошчилик қилдилар. Тэйшенлар ижтимоий муносабатларда тенглик ўрнатиш тарафдори бўлиб чиқдилар. Улар ердан фойдаланишни тенглаштириш, бой кишиларнинг мулкларини мусодара қилиш тадбирларини амалга оширди. Бироқ, ерга эгалик қилишнинг аввалги тизимини бартараф эта олмадилар. Деҳқонлар бўшерларга ишлов бериш, юқори солиқлар тўлаш ва давлат мажбуриятларини бажаришда давом этдилар. Жанубда мустаҳкам жойлашган тэйшенлар 1783 йилдан шимол-да ҳукмронлик қилаётган Чинларга қарши кураш бошладилар. Уларнинг шиори Ле сулоласининг «қонуний» ҳокимиятини тиклаш эди.
Slayd 16
2. XVI–XVIII АСРЛАРДА КАМБОДЖА, ЛАОС
Камбоджа. XVI аср бошларида Камбоджа буддавийлик ҳукмрон дин ҳисобланган монархия тузумидаги давлат эди. Монарх (Камбоджада сдат деб аталган) барча ерларнинг олий мулкдори саналган, у ва унинг оила аъзолари илоҳийлаштирилган. Монархга мурожаат қилинганда «Преах» (Муқаддас) ибораси қўшиб айтилган. Мамлакатдаги ҳукмрон гуруҳ амалдорлар, қирол (сдат)нинг қариндошлари, буддавий монахлик жамоасининг раҳбарлари –сангхилардан ташкил топган. Камбоджа маъмурий жиҳатдан провинцияларга бўлинган. Шаҳарлар ўзини ўзи бошқариш тизимига эга бўлмасдан, қирол томонидан тайинланган амалдор томонидан бошқарилган. Ҳунармандлар, амалдорлар, ҳарбий хизматчилар, савдогарлар ва хизматкорлар шаҳарлар аҳолисининг асосини ташкил қилади. Пномпень – мамлакатнинг пойтахти, иқтисодий ва маданий маркази ҳисобланарди. Қишлоқларда деҳқонлар асосан шоли етиштириш, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланардилар.
Slayd 17
Деҳқонлар шахсан озод бўлиб, ишлов бериш шарти билан ерга эгалик қилардилар. XVI аср бошларида Камбоджа Осиё давлатлари ичида нисбатан ривожланган бўлиб, кучли армия ва флотга эга эди. Мамлакат четга олий навли гуруч, балиқ, фил суяги, олтин экспорт қиларди ва четдан матолар, ширинликлар, симоб ва бошқа товарлар олиб кирарди. XVI аср бошларидан кхмер зодагонларининг ўзаро кураши натижасида Камбоджа давлатининг инқирозга юз тутиш жараёни бошланади. Оқибатда деҳқон Най Кан бошчилигида деҳқонлар қўзғолони бошланади. Қўзғолончилар Пномпенни эгаллаб, 1502 йили қиролни тахтдан тушириб, қатл қиладилар. Бироқ қиролнинг укаси Анг Тян қўзғолончиларни енгиб, раҳбарларини қатл эттиради. Шундан сўнг тахтга келган Анг Тян 1510 йилдан Аютияга (ҳозирги Тайланд ҳудудидаги давлат) қарши уруш бошлайди. Бу уруш анча узоқ давом этди.
Slayd 18
XVII аср бошларида Камбоджа билан Аютия кучайиб бораётган Дайвьетга қарши бирлашишга ҳаракат қилдилар. Аммо тез орада Камбоджа қироли Чей Четта II нинг режаси ўзгариб, у Нгуенларнинг қизларидан бирига уйланди. Шу тариқа Камбоджанинг минтақадаги мавқеини анчагина мустаҳкамлашга эришилди.
XVII аср ўрталарига келиб Камбоджада ислом ва буддавийлик динлари тарафдорлари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Гап шундаки, тахтда ўтирган қирол Чан ислом динини қабул қилган бўлиб, бундан зодагонларнинг катта қисми норози эди.
Натижада вьетнамликлар томонидан қўллаб-қувватланаётган Преах Батом Реатеа бошчилигидаги буддавийлик тарафдорлари ғалаба қилишди.
Slayd 19
Чан тахтдан ағдарилиб, Батом Реатеа ҳокимиятга келди. XVII аср охирларига келиб Камбоджанинг Вьетнам билан муносабатлари ёмонлашди. Мамлакатнинг Жанубий Вьетнам билан чегарадош ерларида вьетларнинг қишлоқлари пайдо бўлди. Улар деҳқончилик билан шуғулланиб, Камбоджа қиролига солиқ тўларди.
Бироқ тез орада вьетлар жиддий сиёсий кучга ҳам айланиб, кхмер зодагонларига таъсир ўтказа бошлади. Уларнинг ҳарбий тузилмалари кхмерларнинг тахт талашувларида фаол иштирок этишар ва ўзларига маъқул талабгорни тахтга чиқариш учун курашардилар.
Камбоджа қироллари Вьетнамнинг таъсири кучайиб бораётганлигидан хавотирга тушишар ва мамлакат ичкарисида Дайвьет билан тил бириктираётган кучларга қарши курашишга ҳаракат қиларди.
Slayd 20
Лаос. Янги давр бошларида ҳозирги Лаос ҳудудида ҳали 1353 йили ташкил топган, ўзига хос конфедерациядан иборат бўлган Ланг Санг давлати фаолият кўрсатарди. Бу давлат ярим мустақил ҳудудлардан иборат бўлиб, уларнинг марказий ҳокимият билан муносабати «сюзерен-вассал» тамойилига асосланган эди. Олий ҳукмдор – тяусивит маҳаллий ҳукмдорлар – тяумнангларнинг устидан назорат ўрнатган. Тяумнанг ҳокимиятга келиш пайтида тяусивитга содиқлик ҳақида қасамёд қабул қилган.
Slayd 21
XV аср охирларида вьетнамликларнинг Миянг Пуен князлигига бостириб кириши ва Ланг Сангнинг пойтахтини босиб олиши натижасида Лаос давлати кучсизланиб қолди. Фақат қирол Потисарат (1530 –1559) Сиамга қарши уруш олиб бориб ва Вьетнам билан тинчлик муносабатларини ўрнатиб, давлатни мустаҳкамлашга эришди.
Slayd 22
3. XVI–XVIII АСРЛАРДА МЬЯНМА, ИНДОНЕЗИЯ
Мьянма (Бирма). XVI аср бошларида ҳозирги Мьянма (Бирма) ҳудудида ягона марказлашган давлат мавжуд эмасди. Бирманинг марказий қисмидаги Ава давлати аҳолиси бирмаликлардан ташкил топган бўлиб, аҳолиси бирмалик бўлмаган халқлардан иборат шанлар, монлар ва каренлар давлатлари билан доимий уруш олиб бораётган эди. 1507 йили Ава ҳукмдори ерларининг бир қисмини шанларга беришга мажбур бўлди. Бироқ бу билан қаноатланмаган шанлар орадан йигирма йил ўтгандан сўнг Авани тор-мор қилиб, унинг монархини ўлдирдилар, аҳолининг анча қисми қул қилиб олиб кетилди, қолганлари эса тоғли ҳудуддаги Таунга князлигига қочиб қутилди.
Slayd 23
Бирманинг шимолий ва марказий қисмини шанлар, жанубни – монлар, ғарбни – Аракон назорат қила бошлади. Бундай ҳолат бир- маликларни қаноатлантирмас эди. Шу сабабли Таунгу ҳукмдори Минжиньо Шимолий Бирмада ўз назоратини ўрнатиш учун кураш олиб борди.
Янги даврда монлар тақдири фожиали якунланди. Уларнинг бирмаликлар билан кураши навбатма-навбат устунлик билан олиб борилди. Бироқ, XVI асрда бошланган ва XVIII асргача давом этган бирма-сиам урушлари монларнинг иқтисодини издан чиқарди, кўплаб монлар асир тушдилар ёки қўшни Сиамга қочиб кетдилар.
Кураш натижасида шанлар ва монларнинг бир қанча ерларини эгаллаб олишга эришди. Аммо бирмаликларнинг 1548 йили Аютияга қарши бошлаган уруши муваффақиятсизликка учраганлиги мамлакатда монлар қўзғолонига олиб келди.
Slayd 24
Янги давр охирларига келиб деярли барча мон шаҳарлари ўзларининг аввалги қудратини йўқотдилар. Каренлар тоғли ҳудудларда ва паст текисликларда яшардилар ҳамда асосан шоли етиштириш билан шуғулланар эдилар. XVIII асрда ягона Бирма давлати тузилгандан сўнг улар вассал сифатида қараладиган бўлди.
Шанлар – Бирмадаги кичик миллатлар ичида каренлардан кейин иккинчи ўринда туради – мамлакатнинг шимолий қисмида яшайди. Уларга тегишли ҳудудлар тоғли туманларда бўлсада, шанларнинг асосий машғулоти шоли етиштириш бўлган.
Бирмада монлар, каренлар ва шанлардан ташқари чинлар, каченлар қабилалари ҳам яшарди. Улар ҳам ўз мустақилликлари учун кураш олиб борганлар.
Slayd 25
1555 йили монларнинг қўзғолони бостирилгандан сўнг бирмаликлар Авани эгаллашди, кейин эса шанлар князликлари билан лаосликларнинг Чиенгма князлиги жойлашган Юқори Бирма эгалланди. Шундай қилиб, Бирма Байиннаун ҳукмронлиги остида ягона давлатга бирлашди ва Аютияга қарши урушга тайёрлана бошлади.
1563, 1565-йиллардаги юришлар натижасида Аютия забт этилди ва Лаос ерларини эгаллаш учун уруш бошланди. 1580 йили Байиннаун вафот этгандан сўнг ўрнига келган ўғли Нанданбайин даврида мамлакат яна бўлиниб кетди. Португалиялик де Бриту Қуйи Бирманинг қироли деб эълон қилинди.
XVII аср бошларида Ава князлиги яна кучаяди, унинг ҳукмдори Анапхелун Пром, Таунгу князликларини ва 1613 йили Марказий Бирмани забт этди.
Slayd 26
4. XVI–XVIII АСРЛАРДА ТАЙЛАНД (АЮТИЯ, СИАМ), ФИЛИППИН
Тайланд (Аютия, Сиам). Янги давр бошларида ҳозирги Тайланд ҳудудидаги энг йирик давлат Аютия бўлиб, у 1350 йилдан 1767 йилгача мустақил давлат сифатида фаолият кўрсатган. Янги даврга келиб анъанавий тай жамияти шаклланиб бўлганди. Жамиятда буддавийлик ҳукмрон дин бўлиб, барча урф-одат ва анъаналар шу диний дунёқарашга мослашган эди. Қирол шахси илоҳийлаштирилган, у диний, дунёвий ва ҳарбий ҳокимият бошлиғи ҳисобланарди. Буддавийлар жамоаси – сангха халқ билан ҳукмрон гуруҳ ўртасидаги боғловчи эди. Деҳқонлар билан амалдорлар ўртасидаги муносабат, биринчи навбатда, ахлоқий мажбурият тамойилига асосланган. Деҳқонлар шахсан озод ҳисобланиб, давлат фойдасига солиқ тўлашни ўзларининг мажбуриятлари деб билишган.
Slayd 27
Тай зодагонларини «най» деб аташган. Бунга ҳукмдорнинг оила- си, пойтахтнинг ҳурматли кишилари кирарди. Уларнинг даражаси, ҳукмдордан фарқли ўлароқ, мерос бўлиб ўтмас эди.
Буддавий монахлар алоҳида гуруҳ бўлиб, улар жисмоний меҳнат билан шуғулланмас ва моддий таъминотда тўлиқ дунёвий ҳокимиятга боғлиқ эди.
XVII аср ўрталаридан бошлаб Сиам ҳаётида унинг ташқи савдо- сини монополлаштиришга уринаётган Голландиянинг Ост-Индия компанияси тобора муҳим роль ўйнай бошлади. Бунга қандайдир даражада қаршилик кўрсатишни истаган Сиам ҳукмдорлари компаниядан товарларни ўзлари сотиб олиб, кейин ички бозорда сота бошладилар. XVII аср 30 – 40 йилларида мамлакатдан товарларни голландларнинг рухсатисиз олиб чиқишга уринган Сиам кемала- рига қўйилган ҳақоратли тақиқлар туфайли Сиам билан компания муносабатлари ёмонлашди.
Slayd 28
Филиппин.
XV аср охири – XVI аср бошларида Жануби-Шарқий Осиёнинг денгиз савдо йўлларини назорат қилиш учун Португалия билан Испания ўртасида кескин кураш кетарди. 1493 йили Рим Папаси ўз булласи билан «нохристиан дунёни» таъсир доираларига бўлди. Унга биноан Жануби-Шарқий Осиё минтақаси Испанияга тегишли бўлди. Бир йилдан кейин бу ҳол икки томонлама испан-португал шартномасида ўз аксини топди. Бироқ бу шартнома ҳам икки давлатнинг минтақадаги рақобатини сусайтира олмади. Филиппин ороллари 1521 йили Магеллан экспедицияси томонидан очилган бўлиб, шундан сўнг оролларни христианлаштириш ва испан тахтига бўйсундириш бошланган эди.
Slayd 29
Дастлаб бу ороллар муқаддас Лазар номи билан аталган. Экспедиция аъзолари Себу оролида жойлашиб, маҳаллий ҳукмдор «қон билан шартнома» туздилар ва Себуга қўшни оролларни унга ўлпон тўлашга мажбур қилишди. Мактан оролининг ҳукмдори Лапулапу испанларга бўйсунишдан бош тортди. Бу воқеа Филиппин тарихида биринчи марта чет эллик мустамлакачиларга очиқ қаршилик кўрсатилиши эди. 1521 йил 27 апрель куни Лапулапу қўшинлари жангда Магелланни ўлдиришди ва шундан сўнг Сабунинг ўзида ҳам испанлардан норозилик бошланиб кетди. Испанлар Филиппинни тарк этишга мажбур бўлдилар. XVI аср 20-йилларида испанларнинг Филиппинга қайтиш учун қилган ҳаракатлари португалларнинг қаттиқ қаршилигига учради.
Slayd 30
1629 йили имзоланган Сарагоса шартномасига биноан ороллар Португалия назоратига ўтди. XVI аср 60-йилларида испанлар Америка қитъасини забт этгандан сўнггина яна Филиппинни босиб олишга киришди. Оролларга Филиппин деган ном ҳам испан қироли Филипп II шарафига берилди. 1565 йили Мигель Лопес де Лагаспи бошчилигидаги испан экспедицияси Себу оролига тушиб, тез орада уни забт этди. Бир неча йилдан сўнг улар Висай ороллари ва Шимолий Минданаони ҳам забт этишди.
Slayd 31
1570 йилдан Лусон оролини забт этиш бошланди. Испанлар дастлаб янги шаҳар – Манилани бунёд этишди. Бу шаҳар кейинчалик Филиппиннинг пойтахтига айланди. Кейин испанлар Филиппиннинг аҳоли энг зич жойлашган ва иқтисодий ривожланган қисми – Лусоннинг марказий қисмини босиб олдилар. XVI аср охирига келиб бутун орол забт этилди ва Лусондан ташқари Висай ороллари, Минданаонинг шимолий қисми ва Палаван ороллари испанлар ихтиёрига ўтди. Филиппиннинг жанубий қисмига келсак, бу ердаги мусулмон аҳолиси мустамлакачиликнинг охиригача қаттиқ қаршилик кўрсатиб, испанларга қарши урушлар олиб борди. Бу урушлар «Моро урушлари» номи билан, диний байроқ остида олиб борилди.
Slayd 32
ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!
Slayd 33
Foydali havolalar
🛒 Barcha taqdimotlar | 📰 Yangiliklar | ℹ️ Biz haqimizda
| 5 |
|
0 |
| 4 |
|
0 |
| 3 |
|
0 |
| 2 |
|
0 |
| 1 |
|
0 |











Sharhlar
Hali sharhlar mavjud emas.